2018-05-10 14:47:20

ЎЗБЕК ҚИЗИ ЛУВРДА МИЛЛИЙ МАДАНИЯТИМИЗНИ ТАРҒИБ ҚИЛАДИ

Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонасида Францияда истиқомат қилаётган ўзбек ватандошлари билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида юртдошларимизга мамлакатимиздаги янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар, оддий одамлар ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берилди. Бу ҳақда “Жаҳон” АА хабар берди.

Диёримизда тадбиркорлар учун яратилаётган шароитлар, хорижлик инвесторларга берилаётган имкониятлар, халқ билан йўлга қўйилган бевосита мулоқот, инсон шаъни ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида қонунчиликка киритилаётган ўзгартишлар хорижда яшаб, меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг эътиборини тортди.

Таъкидлаш керакки, Франциядаги “Сосьете женераль”, “Ив Роше”, “Шнайдер электрик” каби нуфузли компания ва ташкилотларда меҳнат қилаётган, Сорбонна, Тиллар ва цивилизациялар миллий институти сингари дунёнинг етакчи таълим муассасаларида таҳсил олаётган юртдошларимиз бўлиб, улар Ўзбекистондан келадиган ҳар бир янгиликни катта хурсандчилик ва қувонч билан қабул қиладилар.

Иштирокчиларда Тошкент шаҳрининг қадимий маданий маркази —Ҳастимом мажмуаси ёнида барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, қўшни мамлакатлар ва жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик, сайёҳликни ривожлантириш йўлидаги ташаббуслар нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик экспертларнинг ҳам диққат марказида тургани қайд этилди.

Бир йил муқаддам Фарруҳ Йўлдошев Францияда ўзбек маданиятини тарғиб этиш билан шуғулланувчи “Мерос” номли фондга асос солди. Ўтган қисқа вақт ичида у кўплаб француз ёшларини Навоий ва Бобур мероси билан таништиришга ҳам улгурди. “Элчихонамиз ёрдами билан Парижда навоийхонлик тадбирини ўтказдик. Бу ерда қадимий тарихимиз ва бетакрор мумтоз адабиётимизнинг шайдолари жуда кўп”, —дейди Фарруҳ Йўлдошев. — Галдаги режамиз —фарзандларимизга миллий қадриятларимизни чуқурроқ ўргатиш, ўзбек тилидан сабоқ бериш учун махсус тўгарак ташкил этмоқчимиз”.

Бобур Тўхтабоев ЮНЕСКОнинг Швейцариядаги ваколатхонаси раҳбари бўлиб ишлайди. Узоқ йиллардан бери нуфузли халқаро ташкилотнинг минтақавий бўлимини бошқариб келаётган юртдошимиз Ўзбекистондан ташриф буюрадиган ҳар бир инсонни энг азиз меҳмон сифатида қарши олади. “Она-Ватанимиз олдида то абад қарздормиз. Бизни оёққа турғизиб, ҳаётга йўллаган жонажон юртимизнинг тараққиётига ҳисса қўшиш, Президентимиз амалга ошираётган ислоҳотларда елкадош бўлиш шарафли бурчимиздир”, —дейди Бобур Тўхтабоев.

Феруза Каримова Сорбонна университети битирувчиси. Ҳозирда Лувр музейида меҳнат фаолиятини давом эттираётган Феруза бутун дунёдан келадиган сайёҳларга Ўзбекистоннинг мафтункор ва бой маданиятини таништиришни мақсад қилган. Жаҳонга машҳур Луврга ҳар йили 8 миллиондан зиёд одам ташриф буюришини ҳисобга олсак, Франциядаги миллий маданиятимиз тарғиботчисининг ўзига хос миссияси нақадар оғир ва масъулиятли эканини тушуниш мумкин.

Ўзбекистондан олисда юрт соғинчи билан яшаётган ва унинг тараққиётига ҳисса қўшиш ниятида бўлган бу каби ватандошларимиз номини узоқ санаш мумкин. Асосийси, барчасининг тилаги бир —Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнайверсин, она диёримизга кўз тегмасин.

“Жаҳон” АА олган суратлар.