2018-05-10 15:18:51

САМАРҚАНДДАГИ ХОТИРА МАЙДОНИДАН ФОТОРЕПОРТАЖ

9 май куни эрта тонгдан Самарқанд шаҳридаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Бу ерга вилоят ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.

Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев бошчилигида Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйилиб, бугунги тинч ва осуда кунлар учун жон фидо қилган юртдошларимиз ёд этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Тадбир давомида уруш ва меҳнат фахрийлари бир-бирлари билан дийдорлашиб, ёшлик йилларини эсладилар, бугунги кунлар учун шукрона айтиб, ёшларни тинчлик-осойишталик қадрига етиб яшашга даъват этдилар.

Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон урушида 152 мингдан кўпроқ самарқандликлар иштирок этган. Уларнинг 73 минг нафарига она-юртига қайтиб келиш насиб этмади.

Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонида 48 минг 500 нафардан ортиқ шаҳид кетган ота-боболаримиз номлари битилган.

Бугунги кунда вилоятда 97 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари давлатимиз ва халқимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб ҳаёт кечирмоқда. Президент фармонига кўра, уларга беш миллион сўмдан пул мукофоти ва давлатимиз раҳбарининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

“Туркистон-пресс”