2018-05-10 15:23:40

“АЛПОМИШ ВА БАРЧИНОЙ” ТЕСТ МЕЪЁРЛАРИ СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Биласиз, ўсмирликнинг айни депсинган палласи ўн беш — ўн олти ёшдан намоён бўла бошлайди. Бундай пайтда фарзандларимизнинг бўш вақтларини  бирор бир фойдали машғулот сари йўналтириш ҳар биримизнинг вазифамиз.

Биргина жисмоний тарбия ва спорт билан ошно бўлиши  уларнинг турли салбий иллатлардан ҳимоя қилибгина қолмай, аксинча соғлом, жисмонан кучли ва маънавияти юксак бўлиб камол топишида хизмат қилиши бор гап.

Таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшларнинг дарслардан бўш пайтларини мазмунли ўтказишда ташкил этилган тўгаракларнинг ўрни ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Чирчиқ  Саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида айни пайтда 1258 нафар ўқувчилар саккизта йўналиш  бўйича таҳсил олишади. Коллеж ҳовлисидаги батартиб мини-футбол, енгил атлетика каби спорт майдончалари, кенг ва шинам спорт зали доим ўқувчилар билан гавжум. Боиси, юқорида таъкидлаганимиздек, спортнинг волейбол,  баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка тўгараклари  мунтазам ишлаб турибди.  Мунтазам машғулотларда иштирок этаётган спортчи-ўқувчилар  турли даражадаги спорт беллашувларида муваффақиятларга эришишлари учун  сабаб бўлиши янаям қувонарли.

Киши жисмоний ҳолатини аниқлашда “Алпомиш ва Барчиной” тест-меъёрларининг ўрни беқиёс. Шу боис, ҳар йили баҳор фаслида мазкур тест синовларини ўқувчи ва ўқитувчилар иштирокида қабул қилиниши коллежда одат тусини олган.

Жорий йил 8 май куни ҳам коллежнинг меҳнат жамоаси ва ўқувчилари учун тест синовлар қабул қилинди. “Алпомиш ва Барчиной” тест синовлари дастурига мувофиқ шу куни имкониятдан келиб чиқиб 100 ва 1000 метрга югуриш, турган жойдан узунликка сакраш,  арғамчида сакраш, турникда тортилиш ва ётган ҳолда танани кўтариш (пресс) бўйича меъёрлар аниқланди.

Коллеж директори Олимжон Муқимов раислигида, маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Дилнавоз Саидова,  жисмоний тарбия фани ўқитувчилари   Қадрия Давидова (жисмоний тарбия раҳбари, бош ҳакам),  Умид Аббасов, Шабнам Илҳомова , Ёшлар Иттифоқи етакчиси Дилбар Исмоилова (ҳакамлар) ва бошқа масъуллардан иборат  ўқитувчилар ҳар бир қатнашчининг бажарган тест-меъёрларини баҳолаб боришди.  Махсус тест  синовларини топшириш жараёни  шу куни спорт байрамига айланиб кетди. Бу эса кенг жамоатчилик орасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммалашишига, янада қизиқиши ортишига олиб келиши бор ҳақиқат.

Коллежда таҳсил олаётган ўқувчилар, ишчи-ходимлар энди ўз жисмоний ҳолатини билади. “Алпомиш ва Барчиной”нинг ёшга доир талабини бажаролмаган иштирокчи жисмоний нуқсонини яхшилаш учун спорт майдончаси томон ошиқса, бажарган иштирокчи кейинги мавсумда янада яхшироқ натижа кўрсатиш учун спорт майдончалари томон қадам ташлаши турган гап.

 Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”