2018-05-10 18:55:26

ТАСАННО! 80 ЁШЛИ ЗУБАЙДУЛЛА ОТА ЙИЛИГА 100 МИЛЛИОН СЎМ ДАРОМАД ТОПМОҚДА

Каттақўрғонлик 80 ёшли Зубайдулла ота ўз томорқасидан бир йилда 100 миллион сўм даромад кўрмоқда. Бу ҳақда  O‘zLiDeP расмий сайти хабар берди.

Каттақўрғон туманидаги “Киччиккўрпа” қишлоғида яшовчи Зубайдулла Мирзаев 80 ёшда. Отахонни кишлоқ аҳли “Деҳқончиликнинг пири” дейишади. У кишининг маҳаллада шогирдлари талайгина. Ҳозирда отахон 8 сотихлик томорқасида гилос ва бодринг етиштириб келмоқда.

—65 йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланаман. Кетмон чопиш, далада меҳнат қилиш севимли машғулотим, —дейди Зубайдулла ота. —Чунки деҳқончилик орқасидан йилига 100 миллион сўмга яқин даромад кўрамиз. Тўй-томошаларим, иморатларим, рўзғоримнинг фаровонлиги ҳаммаси меҳнатнинг орқасидан. Мана шу 8 сотихликеримиздан ҳам йилига 2 маротаба ҳосил оламан. Гилосларим алоҳида даромад манбаи. Гилосзор орасида, плёнка тагида йилига 2 маротаба бодринг, 2 маротаба редиска етиштираман, бир қарич ерим ҳам бўш қолмайди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, O‘zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши Зубайдулла Мирзаевнинг деҳқончилик мактабини яратмоқчи. Яқинда вилоят миқёсида томорқасида тадбиркорликни бошламоқчи бўлган фуқаролар билан отахон иштирокида ўқув-семинар машғулотлари ўтказиш режалаштирилган.

“Туркистон-пресс”