2018-05-10 19:57:00

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ” ПАРТИЯСИ ФРАКЦИЯСИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИНИ ТАКРОРАН КИРИТИШНИ ТАКЛИФ ЭТДИ

     2018 йил 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида депутатлар аввал сиёсий партиялар фракцияларининг, Ўзбекистон  Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, қўмиталар ва улар ҳузурида фаолият кўрсатаётган эксперт гуруҳларининг мажлисларида муҳокама қилинган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

     Депутатлар даставвал Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган мажлис кун тартибини муҳокама қилдилар. «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари масалалар етарлича қамраб олинмаганлиги сабабли ногиронлиги бўлган шахсларнинг инженерлик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз киришини таъминлашга доир талабларни бажаришдан бўйин товлаганлик, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кун тартибидан чиқариш таклифини билдирдилар. Масъул қўмитага ушбу қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг мажлисига такроран киритиш учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи  субъекти билан бирга такомиллаштириш  топширилди.Бу ҳақда Қуйи палата Ахборот хизмати хабар берди.

“Туркистон-пресс”