2018-05-10 20:11:00

ПАРЛАМЕНТ “ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИНИ КЎРИБ ЧИҚДИ

2018 йил 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида депутатлар аввал сиёсий партиялар фракцияларининг, Ўзбекистон  Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, қўмиталар ва улар ҳузурида фаолият кўрсатаётган эксперт гуруҳларининг мажлисларида муҳокама қилинган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Бу ҳақда Қуйи палата Ахборот хизмати хабар берди.

Мажлисда бошқа қонун лойиҳалари қаторида «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида миграция жараёнларининг кучайишига олиб келаётган, бу эса, ўз навбатида, терроризм, экстремизмнинг тарқалишига ва уларнинг дунё миқёсидаги  муаммога  айланишига хизмат қиладиган, жаҳоннинг айрим минтақаларидаги беқарор вазият қайд этиб ўтилган эди.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш Конвенциясини бундан буён ҳам амалга ошириш тўғрисидаги фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек ушбу Конвенция нормаларини  имплементация қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашга, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга, экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам беришга, уларнинг оқибатларини бартараф этишга, шунингдек жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга имкон бериши мажлисда алоҳида таъкидланди.

“Туркистон-пресс”