2018-05-10 20:56:00

ТОШКЕНТДА СПОРТ КУРАШЛАРИ БЎЙИЧА ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ БОШЛАНДИ

10 май куни Тошкент шаҳрида спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ Матбуот хизмати хабар берди. 
     Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида ушбу нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир аввалида бадиий жамоалар чиқиш қилиб, турли халқлар санъати ва маданиятини ўзида акс эттирган рақслар билан йиғилганларни хушнуд этишди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси президенти Салим Абдувалиев сўзга чиқди.
     —Бугун ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи Осиё чемпионати старт олди. Биз бунгача турли Гран-при, халқаро мусобақларни ўтказганмиз. Бу сафар ҳам ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатини юқори савияда ташкил қила оламиз. Умид қиламанки, мухлислар чиройли беллашувлар гувоҳига айланадилар. Фурсатдан фойдаланиб, мусобақа иштирокчиларига омад тилайман, — деди Салим Абдувалиев.
     Сўнгра сўзга чиққан Олимпия ўйинлариннг кумуш медали соҳиби, хизмат кўрсатган спорт устаси, Бирлашган кураш дунёсининг Осиё Кенгаши президенти Давлат Тулиханов мусобақа иштирокчиларини қутлади.
Осиё чемпионатини очиб бериш учун микрофон қаршисига таклиф этилган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов мусобақа иштирокчиларини қутлар экан, шундай деди: «Азал-азалдан заминимиз полвонлар юрти бўлиб келган. Тарихдан маълумки, халқимиз курашни алоҳида қадрлаган. Юртимизда бирорта шодиёна, тантана, тўйлар курашсиз ўтмаган.  
     Бугунги кунда ҳам Республикамизда спортни ривожлантириш, спортчи ва мураббийларга керакли шароитларни яратиб бериш йўлида давлатимиз томонидан катта эътибор кўрсатилмоқда. Спорт тараққиёти шахсан Юртбошимиз, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев назоратида турибди. Биз бундай эътибор ва ғамхўрликка халқаро майдондаги ўзимизнинг ёрқин ғалабаларимиз билан жавоб бериб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда камарбаста бўлишимиз керак. Тошкентда ўтказган кунларингиз хотирангизда бир умр мухрланиб қолишига ишонаман. Осиё чемпионатини очиқ деб эълон қиламан», — деди МОҚ раҳбари. 
     Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Тантанали очилиш маросимидан сўнг финал босқичи баҳсларига старт берилди.
Суратлар olympic.uz сайтидан олинди.