2018-05-11 13:16:42

ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА АСОСИДА ЎҚИТУВЧИЛАР МАЛАКАСИ ОШИРИЛАДИ

Халқ таълими вазирлиги соҳага замонавий ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш, таълим-тарбия жараёнларида улардан унумли фойдаланиш ҳамда ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг ИТ борасида саводхонлигини ошириш мақсадида турли нуфузли халқаро ташкилот, компаниялар билан узвий ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда.

Жумладан, дунёнинг ИТ соҳасида етакчи ҳисобланган Microsoft, Oracle, Cisco каби компаниялари билан мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларининг АКТ бўйича салоҳиятини янада ошириш ва компетенцияларини мустаҳкамлаш, янги замонавий касб соҳаларига оид кўникмаларни шакллантириш юзасидан ўқув курсларни мослаштириш ва жорий қилиш, илғор ўқитувчилар қаторидан тренерларни тайёрлаш ва таянч (пилот) таълим муассасаларини белгилаш бўйича ҳамкорлик қилмоқда.

Шу йилнинг январь-май ойларида бир гуруҳ информатика ўқитувчилари Microsoft компанияси курсларида малакасини ошириб, тармоқлар тузилиши, уларни Windows Server тизимини ўрнатиб, созлаш ва бошқариш бўйича ўқув курсларини битирди.

Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизматидан маълум қилишларича, ўқув курслари якунида уларга Micros ўқув маркази томонидан тегишли сертификатлар топширилди. Эндиликда улар Microsoft дастурий маҳсулотлари ва технологик ечимлари бўйича малакавий (квалификация) имтиҳонларини топширгач, мутахассислик сертификатларини қўлга киритиши мумкин.

Мазкур ўқув курслари дастлаб бир гуруҳ информатика ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва тренер сифатида тайёрлаш режалаштирилган бўлиб, кейинчалик ҳудудлардаги таянч мактабларда юқори синф ўқувчиларига АКТ бўйича замонавий касблардан бирини эгаллаш учун зарур пухта билим ва малакаларни бериш кўзда тутилган.

“Туркистон-пресс”