2018-05-11 13:23:01

O‘ZLIDEP ТАШАББУСИ БИЛАН 120 ТА ХОНАДОН ИЧИМЛИК СУВИ БИЛАН ТАЪМИНЛАНДИ

Андижон вилояти Улуғнор туманидаги “Шаҳриобод” маҳалласи кўпдан бери ичимлик суви муаммосидан қийналарди. Чунки ҳудуднинг 16 километрли ичимлик суви тармоқларидан 0,6 километрга яқин қисми янгиланишга муҳтож эди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилоят кенгаши томонидан “Обод кўча” лойиҳаси доирасида олиб борилган саъй-ҳаракатлардан сўнг бу иш охирига етказилиб, ичимлик суви насослари таъмирланди. Натижада 120 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди.

—Бундан ташқари, маҳалладаги 20-умумтаълим мактаби ва 3-мактабгача таълим муассасасида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилди, —дейди O‘zLiDeP Улуғнор туман кенгаши фаоли И.Мадумаров. —Айни кунга қадар бу икки муассаса атрофи қўрғон билан ўралмаганди. Бу эса табиийки эҳтиёт чоралари кўришга мажбур қиларди. Ҳозирда девор кўтарилиб, кўчага  шағал ётқизилди.

Таъкидлаш керак, ушбу лойиҳа доирасида шунингдек, ҳудуддаги 7 та хонадоннинг том қисми ёпилиб, 14 тасининг фасад қисми таъмирланди.

“Туркистон-пресс”