2018-05-14 16:19:36

ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЎҚИТУВЧИСИ ТАНЛОВИ БОШЛАНДИ

Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий тарзда соҳадаги энг фидойи, янгиликка интилувчи ва ташаббускор ўқитувчиларни аниқлаш мақсадида ўтказиладиган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танлови жорий йилда бир қатор ўзгаришлар билан янгича тарзда ўтказилмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Танловни ўтказишда асосий мақсад — умумий ўрта таълим муассасаларининг педагоглари орасидан энг илғор, ижодкор ўқитувчиларни аниқлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, таълим-тарбия жараёнларида самара берадиган муқобил метод ва технологиялар, фанларни ўқитишда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш йўлларини аниқлаш ҳамда ўқитувчининг юксак маънавияти, ахлоқий фазилатларини жамоатчилигимиз орасида тарғиб қилишдан иборат.

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси-2018” танлови уч босқичда: туман (шаҳар), вилоят ва республика босқичида ташкил этилиб, унда умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган педагоглар иштирок этишмоқда.

Танловнинг Республика босқичи жорий йилнинг 13-18 май кунлари 11 та ҳудудда ўтказилиб, 13 та ўқув фанидан жами 197 нафар иштирокчи 4 та шарт бўйича ўзаро беллашади. Жумладан, дарс ишланмаси ва тақдимот, иштирокчининг охирги уч йил давомида эришган ютуқлари (ўқувчисининг республика ва халқаро танловлардаги муваффақияти), дарс машғулоти ҳамда онлайн тест-синовлари каби шартлар бўйича ўтказилади.

Мазкур танлов давомида аниқланган илғор тажриба, ўқитишнинг муқобил методлари ва технологиялари Республика таълим маркази мутахассислари томонидан ўрганилади, тажриба-синовдан ўтказилиб, республика миқёсида жорий этилади.

Танловда ғолиблари “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” кўкрак-нишони ҳамда пул мукофоти билан тақдирланади.

“Туркистон-пресс”