2018-05-15 12:23:33

СУД ДИАНА ЕНИКЕЕВА ИШИ БЎЙИЧА АЙБДОРЛАРГА ҲУКМ ЧИҚАРДИ

Каттақўрғонлик 23 ёшли ўқитувчи Диана Еникеевани уриб кетган юк машинаси ҳайдовчиси, Каттақўрғон туман ҳокими ўринбосари ва ХТБ мудирига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суби матбуот хизмати Газета.uzга хабар қилди.

Хабарга кўра, каттақўрғонлик 23 ёшли ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлими тўғрисидаги иш бўйича суд жараёни якунланди. 1 май куни Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди Акрам Элмуродовни (юк машинаси ҳайдовчиси) Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича 6 йил муддатга озодаликдан маҳрум этиш ва 3 йил муддатга транспорт воситаларини ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Адвокат ва Акрам Элмуродов 4 май куни чиқарилган ҳукмдан норозилик тўғрисида апелляцион тартибда ариза тақдим этди. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди уларнинг аризасини апелляцион тартибда 22 май куни кўриб чиқади.

10 май куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда туман ХТБ мудири бўлиб ишлаган Алишер Жуманазаровга нисбатан ҳукм чиқарди.

Улар Жиноят кодексининг 206-моддасида (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, ойлик маошининг 20 фоизи давлат фойдасига ундириш ва 45-модда (муайян ҳуқуқлардан) қўлланилган ҳолда бир йил муддатга раҳбар лавозимида фаолият кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.

Суднинг аниқлашича, 2017 йил 18 мартидан 2018 йил 6 апрелгача Каттақўрғон туман ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган Мусохон Музаффаров ўзининг қонуний ваколатлари доирасидан чиқиб кетган. У халқ таълими бўлими мудири Алишер Жуманазаровга 98 та мактаб ва 12 та коллеж директорлари орқали ўқитувчилар ва техник ходимларни М-37 «Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши» магистрал йўли участкаларига тақсимлаб чиқишни топширади. Ўқитувчилар ва техник ходимлар ўз меҳнат мажбуриятларига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилинади.

Суд, шунингдек, жабрланувчи томоннинг Акрам Элмуродовдан мос равишда 19,8 млн.сўм ва 25 млн.сўм миқдоридаги моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъвосини қисман қондирди.

Сурат: “Газета.uz