2018-05-15 12:29:17

“PAYNET” ЁПИЛАЯПТИМИ?

 Бу саволга Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ойдинлик киритилди

Маълумки, Адлия вазирлиги томонидан ҳар ҳафта қонун ҳужжатлари мазмуни, моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш, янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида “Адлия ахбороти” номли брифинг ташкил этилиб келинмоқда.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 11 май куни ўтказилган брифингда 11 та қонун ҳужжати, шу жумладан, 7 та Президент Фармон ва қарорлари, 4 та Ҳукумат қарори ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Хусусан, брифингда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ва “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг молиявий ҳолатини яхшилаш ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра Халқ банки ва Микрокредитбанкни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Брифинг давомида иштирокчиларга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 майдаги “Болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини янада такомиллаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган адабиётларни арзон нархларда чоп этиш белгиланди.

Шунингдек, китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан ҳудудларга китобларни етказиш билан боғлиқ харажатларни ҳисоб-китоб қилишда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган китоблар нархининг асоссиз равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик бўйича зурурий чоралар кўрилиши белгиланганлиги маърузачи томонидан тушунтирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Ички бозорни цемент билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган янгиликлар юзасидан ҳам маълумотлар тақдим этилди.

Брифингдан сўнг, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда “Paynet” ёпилаяптими деган мазмундаги муҳокамаларга сабаб бўлган Президентнинг 2018 йил 4 майдаги “Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ва “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг молиявий ҳолатини яхшилаш ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига бағишланган матубот анжумани ўтказилди.

Унда ОАВ вакилларигаАТ Халқ банки мутахассиси“Uzpaynet“ МЧЖнинг тугатилганлигини маълум килиб, унинг ўрнида янги “Рaynet” бренди остида мазкур фаолият давом эттирилишини маълум қилди.

Халқ банкида жисмоний шахслардан етказиб берувчилар олдидаги ўз пуллик мажбуриятларини бажариш учун тўловлар қабул қилиш хизматларини кўрсатиш бўйича таркибий бўлинма тузилиши назарда тутилди.

Тадбирда ОАВ вакиллари “Uzpaynet“ МЧЖда фаолият юритганлар тақдири, уни амалга оширишнинг замонавий шакллари ва қулайликлари ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилишиб, уларга жавоблар олишди.

Бундан ташқари, матбуот анжуманида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда сўз эркинлиги кафолатларини кенгайтириш ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар алмашинди. Журналистлар мазкур ҳужжат лойиҳаси бўйича ўз муносабатини билдириб, уни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни билдиришди.

“Туркистон-пресс”