2018-05-15 12:49:56

ЎЗБЕКИСТОНДА “ЁШ КИТОБХОН” ТАНЛОВИ МУНТАЗАМ ЎТКАЗИЛАДИ

2018 йил 12 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Улуғ аждодларимизнинг ақл-заковати ва бадиий даҳоси билан яратилган ноёб асарлар, хусусан, математика, минералогия, астрономия, кимё, тиббиёт, фармацевтика, меъморлик, тарих, адабиёт, санъат, илоҳиёт, фалсафа ва бошқа соҳаларга оид манбалар нафақат бизнинг халқимиз, балки жаҳон аҳлининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади.

Ана шундай беқиёс меросимиз асосида ташкил этилган «Ёш китобхон» танловида 250 минг нафарга яқин ёш иштирок этиб, танлов ғолибларига «Президент совғаси» —енгил автомашина топширилгани ёшлар ўртасида китобхонлик маданияти ривожланишига муҳим таъсир ўтказди, дейилади қарорда.

Қарорга мувофиқ, “Ёш китобхон” танлови эндиликда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқиладиган низом асосида давомли равишда ўтказилади.

Низомда: 

алоҳида номинациялар бўйича танловлар ташкил этиш;

2018 йилги танловларни Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Бердақ сингари мутафаккирлар ижоди ва фаолияти, жаҳон адабиётининг дурдона асарлари, шунингдек, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” каби халқ достонлари бўйича ўтказиш; 

кейинги танловларни даврлаштирган ҳолда давом эттириш учун тегишли рўйхатларни шакллантириш; 

танлов ғолибларини мукофотлаш ва рағбатлантиришнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, хусусан, республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган қатнашчиларни енгил автомобиллар билан тақдирлаш, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ва фаол иштирокчиларни ҳам муносиб рағбатлантириш чоралари назарда тутилади.