2018-05-16 16:17:14

«ЎЗБЕКНЕФТГАЗ» - «GENERAL ELECTRIC», «EXXON MOBIL»,«HONEYWELL UOP» ВА БОШҚАЛАР

«Ўзбекнефтгаз» очиқ акциядорлик жамияти вакиллари учун АҚШ сафари ҳар жиҳатдан самарали ўтмоқда. Ана шу учрашувлар доирасида бир қатор йирик компаниялар билан ҳамкорликка эришилди.

Хусусан, «Ўзбекнефтгаз» очиқ акциядорлик жамияти раиси ўринбосари Баҳодир Сидиқов ва «General Electric» компанияси ижрочи директори Бела Ференци ўртасида қатор келишувлар амалга оширилди.

Ўзбекистонда ягона хизмат марказини яратиш доирасида “General Electric” нинг турбо техникасини таъмирлаш ва таъмирлаш усулларини маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик битими улардан бири. Шунингдек, “Ўзбекнефтгаздобича” очиқ акциядорлик жамияти газ-компрессор ва газ-турбин ускуналарини биргаликда техник аудит қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Ана шу учрашув доирасида томонлар ўртасида газни ташиш тизмини техник қайта жиҳозлаш ва ривожлантириш бўйича лойиҳани амалга ошириш учун молиялаштиришни жалб қилиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми тузилди.

“Ўзбекнефтгаз” очиқ акциядорлик жамияти вакиллари «Exxon Mobil» компанияси вице-президенти Шуан Смит билан учрашувда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида базавий мойларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

«Honeywell UOP» Бош ижрочи директори Ребекка Либерт билан метандан олефинларни ва улар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми тузилди.

ЎзА