2018-05-17 13:42:10

ТИНЧЛИК, ФАРОВОНЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДА БИРЛАШАЙЛИК!

16 май куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Фарғона вилоятининг “Темурбеклар мактаби” ҳарбий лицейида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик!” умумий шиори остида кўргазмали сайёр амалий семинар ўтказилди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар бермоқда.

Семинарда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, ҳудудий кенгаш фаоллари, депутатлар, вилоят ИИБ Терроризм ва эктремизмга қарши курашиш бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳамда бир гуруҳ ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарори ёшларда соғлом дунёқараш, жумладан, китобхонлик кўникмасини шакллантириш, интернет, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш, уларда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Жаҳонда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг оқибатини атрофлича чуқур мушоҳада этиш, терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси, “оммавий маданият”, наркобизнес ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш вазифалари ҳам ушбу қарорда ўз аксини топган.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар, ижтимоий тоифа вакиллари ўртасида миллий ғояни кенг тарғиб этиш, кучли тарғибот орқали фуқароларимизга бунёдкорлик руҳини сингдириб бориш, халқимизни эртанги кунига ишонч туйғуларини кучайтириш, оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур ўрганиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга Ҳаракатлар стратегияси ҳамда мазкур ҳужжат асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Фарғона вилояти имом хатиби У.Абдуллаев диний бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик руҳида амалга оширилаётган ишлар эътиборга моликлиги, бу борада янги босқичда давом этаётган ислоҳотлар халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил эканига иштирокчилар эътиборини қаратди.

Ислом — тинчлик, эзгулик ва бағрикенглик дини эканлиги, бинобарин, унинг софлигини сақлаш муҳим вазифа ҳисобланади. Тадбирда Ислом ҳар қандай бузғунчилик ва фитналардан холи, аксинча, бундай кучларга қарши фақат маърифат билан курашади, мусулмон оламида кечаётган мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг асл моҳиятини англаш зарурлиги айтиб ўтилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда муқаддас динимиз софлигини сақлаш, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг илмий меросини ўрганиш, қадамжоларини обод этиш, янги масжид-мадрасалар барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётгани, ушбу марказ қошида Ислом академияси очилиши белгилангани ана шу йўналишдаги эзгу ишларга ёрқин мисолдир.

Ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, диний ақидапарастлик ғояларига қарши курашиш, бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш, ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш масалалари сайёр учрашув иштирокчилари муҳокамасида бўлди.

Қизғин мунозаралар ва ўзаро мушоҳадалар асосида ёшлар ислом дини, унинг мазмун-моҳияти, диний ақидапарастлик ғояларининг асл мақсади тўғрисида тўлиқ маълумотларга эга бўлдилар.

Ўзаро мулоқотда ёшлар ўз фикрларини эркин билдирар эканлар, мафкуравий иммунитети мустаҳкам, шукроналик туйғуларини ҳис қила олувчи, ўзини ва ватандошларини ҳурмат қилган, лоқайдликни иллат деб билган, “оила” ва “она макон” деб аталган даргоҳларнинг қутлуғ эканлигини англаган фуқаролар — Ватанимизнинг ҳақиқий ҳимоячилари бўла олишларини, улар бор экан, ҳеч қандай ёвуз кучлар тинчлигимизга таҳдид қила олмаслигини таъкидладилар.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотган ва айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан кенг жамоатчилик фикри, маҳалла фаоллари, ёшлар ва депутатлар таклифлари ҳам ўрганилди.

Тадбир доирасида “Темурбеклар мактаби” Фарғона ҳарбий лицейи ўқувчиларининг саф тортиш қўшиқлари ва “Мен — она юрт посбониман” номли жанговар тайёргарлик чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

“Туркистон-пресс”