2018-05-17 13:48:56

НУРХОН НАФАСОВ ЎЗБЕКИСТОН КАРАТЭ МИЛЛИЙ ФЕДЕРАЦИЯСИ ПРЕЗИДЕНТИ ЭТИБ САЙЛАНДИ

16 май куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг навбатдан ташқари сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, каратэ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийлари, федерациянинг вилоят бўлимлари раҳбарлари, таниқли спортчи ва мураббийлар иштирок этишди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Конференцияда ташкилий масала кўрилди.  Анжуманда федерация президенти лавозимига 1996-2006 йиллар мобайнида федерацияни муваффақиятли бошқариб, қатор ютуқларга эришган мутахассис, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, қора белбоғ 6-ДАН соҳиби Нурхон Зиятович Нафасов номзоди илгари сурилди. Конференция иштирокчилари ушбу номзодни бир овоздан қўллаб қувватлашди ва Нурхон Нафасов Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси президенти этиб сайланди

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов Конференцияда сўзга чиқар экан, каратэда юзага келган муаммоларни ҳал қилиш лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

«Янги раҳбарни сайлангани билан табриклаймиз. Хабарингиз бор, МОҚ ва вазирлик бугунги кунда биргаликда иш олиб бормоқда. Бу тўғри, чунки иш давомида йўллар барибир кесишади. Каратэни ОЗК ва БЎСМларда ҳам ривожлантиришимиз лозим. Мазкур спорт турида турли йўналишлар бор. Асосий йўналиш Олимпия ва Осиё ўйинлари дастурига киритилган WKF йўналиши ҳисобланади. Айнан ушбу йўналиш бугунги кунда бутун дунёда ривожлантирилмоқда. Иш жараёнида тушунмовчиликлар юзага келмаслиги керак. Шунингдек, яккакурашлар болалар соғлиғига зарар етказмаслиги даркор. Ноҳуш ҳолатларни олдини олиш учун керакли чораларни кўриш лозим. Ёш спортчиларни тиббий кўриклардан ўтказиш жараёнига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига ҳам каратэ билан шуғулланишлари учун шароит яратиб бериш лозим. Янги сайланган раҳбарга бу йўлда омад тилайман», – деди Шоакрам Исроилов.

Шундан сўнг федерациянинг янги раҳбари Нурхон Нафасов сўзга чиқиб, жумладан, шундай деди:

“Аввало, менга билдирилган юксак ишонч учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига чексиз миннатдорлик изҳор этаман. Зиммамга нечоғлик масъулиятли вазифа юкланаётганлигини жуда яхши ҳис қилиб турибман. Аммо ишончим комилки, биргаликда биз ўз олдимизга қўйилган барча мақсадимизга етиша оламиз.

Асосий мақсад — каратэнинг оммавийлигини ошириш, иқтидорли спортчилар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш ва шу орқали халқаро майдондаги натижаларни яхшилашдан иборатдир. Яхши маълумки, 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари дастуридан тарихда биринчи марта каратэ спорт тури ҳам ўрин олган. Шак-шубҳасиз, бу спортнинг ушбу тури учун тарихий воқеа ҳисобланади ва ишонаманки, кунчиқар юртда ўзбек каратэчилари, ўзимизнинг қоракўзлар ҳам Олимп шоҳсупасига кўтарилишади”.

“Туркистон-пресс”