2018-05-17 14:19:23

O‘ZLIDEP: ГУЛИСТОНДА 100 ТА ЯНГИ ИШ ЎРИНИ ЯРАТИЛАДИ

Жорий йил 18 май куни O‘zLiDeP Сирдарё вилоят кенгаши ташаббуси билан “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!” лойиҳаси доирасида ёшлар форуми ҳамда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилиши режалаштирилган.

Гулистон шаҳридаги уюшмаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари, коллеж битирувчилари, шаҳардаги ташкилот, муассаса, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари иштирок этадиган мазкур форум доирасида партия фаоллари — тадбиркорлар кўмагида ёшлар ишга жойлаштирилади.

Мазкур форумни янада самарали ташкил қилиш мақсадида партия “Ёшлар қаноти” аъзоларидан иборат тарғибот гуруҳи шакллантирилди. Бугун тарғибот гуруҳи аъзолари форум доирасидаги меҳнат ярмаркасида барча уюшмаган ҳамда вақтинча меҳнат билан банд бўлмаган ёшларни кенг жалб қилиш мақсадида Гулистон шаҳрининг ҳар бир маҳаллаларидаги хонадонларга ташриф буюрди. Ёшларга тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилиб, рўйхати шакллантирилмоқда.

—Партия фаолларининг ташрифи кўнглимизни тоғдек кўтарди, — дейди Гулистон шаҳридаги “Маънавият” МФЙ “Беруний” кўчаси 77-уйда истиқомат қилувчи Раъно Толипова. — Бугунги кунда фарзандларимнинг 3 нафари вақтинча ишсиз. Катта ўғлим Акмалжон бир неча йиллардан буён чет давлатда мавсумий ишларда сарсонгарчиликда ишлаб қайтарди. O‘zLiDeP ташаббуси билан ўтказилаётган бу хайрли иш муаммоларимизнинг айни ечими бўлди. Ўйлайманки, мазкур форумда фарзандим ҳам қатнашиб, иш билан банд бўлади.

Ушбу тарғибот гуруҳи форумга қадар Гулистон шаҳридаги барча маҳаллаларда хонадонма хонадон юриб, уюшмаган ёшларни кенг жалб қилишни мақсад қилган.

 “Туркистон-пресс”