2018-05-17 14:25:39

“УМИД НИҲОЛЛАРИ-2018” ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНМОҚДА

Жорий йилнинг 14-20 май кунлари ҳудудларда “Умид ниҳоллари-2018” спорт мусобақаларининг финал босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш тадбирлар “Ёшлик ва спорт байрами” сифатида юқори савияда ўтказилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирлар давомида спортнинг 21 тури бўйича вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган жами 10 444 нафар спортчилар диплом ва эсдалик совғаси билан тақдирланади.

Мусобақаларнинг ҳудудий финал босқичида ғолибликни қўлга киритган спортчи-ўқувчилар эса 1-, 2- ва 3-даражали диплом, медаль ва кубок билан,  совриндор туман (шаҳар) жамоаси эса олий соврин “Президент совғаси” “Damas” русумли автомашинаси билан тақдирланади.

“Умид ниҳоллари-2018” спорт мусобақаларининг тақдирлаш маросимларида давлат ва жамоат арбоблари, таниқли спортчилари, маданият ва санъат вакиллари иштирок этмоқда.

Эл севган санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастурлари, турли бадиий чиқишлари намойиш этилиб, ўқувчилар учун том маънода “Ёшлик ва спорт байрами”га айланмоқда. Мазкур тадбирларда жами 63 минг нафардан ортиқ мактаб ўқувчилари иштирок этиши кўзда тутилган.

ЎзА олган сурат.