2018-05-17 14:27:36

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ШҲТНИНГ БИРИНЧИ АЁЛЛАР ФОРУМИДА ИШТИРОК ЭТДИ

16 май куни Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Пекинда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг биринчи аёллар форумида иштирок этди. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизматига таяниб  Газета.uz” хабар бермоқда.

«Аёллар ҳуқуқини бирлаштириш, умумий тараққиётга кўмаклашиш» мавзусида ўтказилган мазкур форум очилишида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Танзила Норбоева чиқиш қилди. Форум қатнашчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, гендер, ижтимоий ва оилавий сиёсат соҳасидаги ютуқларни амалга оширишга қаратилган йирик сиёсий дастурнинг асосий қоидалари билан таништирилди.

Форумда Хитой, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Озарбайжон, Афғонистон, Арманистон, Беларусь, Мўғулистон ва Непал делегациялари икки томонлама ва минтақалараро даражада турли соҳалардаги аёллар ташкилотларининг ҳолати ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Делегациялар ШҲТ доирасида минтақалараро ҳамкорликнинг янги форматини қўллаб-қувватлади.