2018-05-18 15:40:44

ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ ЁРДАМИДА БУЮРТМА БЕРИШ ТАРТИБИ СОДДАЛАШТИРИЛМОҚДА

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзМТДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Унда фракция аъзолари, партия фаоллари, қонун лойиҳалари бўйича масъул ташкилотлар ҳамда оммвавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Партия фракция раҳбари С.Отамуратов бошқарган йиғилишда дастлаб Президентимизнинг жорий йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти ва ундаги вазифаларга бағишланди.

Ўрол Ҳаитов,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Мазкур ҳужжат партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш каби омиллар мустаҳкамлаб қўйилган.

Шунингдек, «Ёш китобхон» танловлари орқали, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, уларнинг қалбида она-Ватанимиз ҳамда халқимизга муҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтириш, баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилиб, соҳада амалга оширилаётган амалий ишлар самарасида келажагимиз эгалари ўз ижоди ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариб, юртимиз равнақи йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Шундан сўнг, Президентимизнинг 14 майдаги “Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти ва ундаги вазифалар муҳокама этилди.

Илҳом Абдуллаев,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Кундалик ҳаётимизда зарур бўлган маҳсулотларни электрон тижорат ёрдамида буюртма бериш ва қабул қилиб олиш бир мунча қулайликлар яратилади. Шундай маҳсулот ва хизматлар борки, уларни етказиб беришда айрим талабларни ўрнатиш истеъмолчиларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан асосланади. Ушбу Қарорда мана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилиш, фақат сақлаш ва етказиб беришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш тартиби ва талабларига қатъий риоя қилган ҳамда қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширишга рухсат этилмоқда.

Бундан ташқари, мазкур Қарорни қабул қилиниши маҳаллий тадбиркорлик субъектларига жаҳон бозорига кириб боришга, маҳсулотлар сифатини ва рақобатбардошлигини оширишга, ўз маҳсулотларни уларни реализация қилишда янада қулай шароитлар яратиб беради.

Шу билан бирга йиғилишда, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.

Фракция йиғилишида бошқа бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди ҳамда партия фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.

 “Туркистон-пресс”