2018-05-18 16:01:05

ТАШҚИ САВДО ВАЗИРЛИГИ АҚШЛИК ҲАМКОРЛАР БИЛАН МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАДИ

Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи давомида бир қатор ҳужжатлар имзолади.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, АҚШ Савдо вазирлиги билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Ушбу ҳужжат ишбилармон доира вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ва икки мамлакат ҳудудида уларнинг инвестиция фаолиятини рағбатлантиришни назарда тутади.

Ташқи савдо вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаш мақсадида USAID билан ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзолади. Америка томони ушбу жараёнда техник ёрдам беради, шу жумладан, ЖСТга тақдим этиш учун ҳужжатларни тайёрлашда ва мамлакатнинг ташкилотга аъзо бўлиш оқибатларини таҳлил қилишда кўмак кўрсатади.

Шунингдек, Openbucks Corp. тўлов компанияси билан Ўзбекистонда электрон савдони ривожлантириш бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш учун “йўл хариталари”ни тайёрлаш ва ўзбек тадбиркорларининг глобал савдо платформаларига ҳамда электрон тўлов тизимларига киришини кенгайтириш режалаштирилган. 

Ҳозир Amazon раҳбарияти билан музокаралар олиб борилмоқда.

—Бу компания биринчи марта бозоримизга қизиқишини кўрсатди. Ушбу масала бўйича ҳамкорликда биз бир неча ютуқларга эришдик. Ҳозирда Amazon раҳбарияти билан музокаралар олиб борилмоқда ва ўзбек бозорига чиқиш учун йўл харитасини биргаликда ишлаб чиқишни назарда тутадиган меморандумлар лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, —деди Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев.

Ўзбек маҳсулотларининг АҚШ бозорига узлуксиз кириши учун WCC International компанияси билан ўзбек тўқимачилик ва бошқа маҳсулотларни сертификатлаш бўйича лойиҳани амалга оширишга доир келишувга эришилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда органик пахта етиштириш бўйича халқаро дастурни жорий этиш кутилмоқда.