2018-05-22 16:00:38

ЎҚУВЧИЛАР ЎРТАСИДА ҲУҚУҚ БИЛИМДОНЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Жорий йилнинг 18-19 май кунлари пойтахтимизда Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим мактабларининг 8-10-синф ўқувчилари ўртасидаги “Ҳуқуқ билимдонлари” республика танловининг якуний босқичи ўтказилди. Бу ҳақда вахирлик Матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур танлов ҳар йили анъанавий тарзда Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлигида ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, жамиятимиздаги ўзгаришларга бефарқ бўлмаган ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб келинади.

“Ҳуқуқ билимдонлари” танлови 3 босқичда ташкил этилди, илк босқичида 50 447 нафар ўқувчилар иштирок этган бўлса, улардан 1 430 нафари иккинчи босқичга йўлланмани қўлга киритди. Якуний босқичда эса 70 нафар ўғил-қиз ўзларининг билимларини синовдан ўтказдилар.

Танлов низомига кўра,ҳар бир мактабнинг 8-10-синф ўқувчилари орасида билимли, зукко ва китобхон 5 нафар ўқувчидан иборат жамоа шакллантирилади ва ҳар бир босқичда жамоалар турли шартлар бўйича ўзаро беллашадилар.

Республика босқичида жамоалар тест ва савол-жавоб орқали ўзларининг билимларини намойиш этган бўлса, саҳна кўринишлари орқали ёшлар орасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва турли иллатларга қарши курашиш масалаларига алоҳида урғу бердилар.

Якуний натижаларга кўра,Навоий вилоятининг “Парвоз” жамоаси 1-ўринни, Хоразм вилоятининг “Юксак маънавиятли авлод”жамоаси 2-ўринни, Тошкент шаҳрининг “Фемида”жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.

Ғолибларга вазирликнинг дипломлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

“Туркистон-пресс”