2018-05-22 16:01:58

“ЁШ СИЁСАТЧИ-2018” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ҲУДУДИЙ БОСҚИЧЛАРИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан пойтахтимизда “Ёш сиёсатчи — 2018” кўрик-танловининг туман босқичлари ўтказилмоқда.

— Танлов жойларда юқори савияда ўтказилмоқда, — деди ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши сектор бошлиғи Азима ­Раҳмонова. — Бу тадбир ёшларнинг билимини кучайтириш, ижтимоиий соҳани ривожлантиришга қаратилган ғояларини амалга оширишда катта аҳамият касб этишига ишонамиз.

Учтепа туман босқичида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 3-курс талабаси Ихтиёр Исмоилов ғолибликни қўлга киритди.

— Танловда қатнашишни жуда истагандим, — деди у. — Бугун туман босқичида ғолибликни қўлга киритдим. Шартларга тайёрланиш жараёнида кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Дўстларим сафи кенгайди. Айниқса, «Ёшларни қўшимча иш ўринлари билан таъминлаш» номли лойиҳам ҳакамлар ҳайъатига ёққанидан мамнунман. Шаҳар босқичида ҳам муваффаққиятли қатнашишга ҳаракат қиламан.

Танловнинг Миробод туман бос­қичи ҳам қизиқарли тарзда ўтди. Иштирокчилар орасидан ғолибни аниқлаш бироз қийин кечди. Мақсуджон Сувоновнинг «Ижро ҳокимиятининг сайлов тизими» лойиҳаси ҳайъат аъзолари томонидан юқори баҳоланди ва у ғолиб, деб эълон қилинди.

“Туркистон-пресс”