2018-05-22 16:13:35

ЗАМОН БИЛАН ҲАМҚАДАМ ЁШЛАР

2018 йилнинг 19 май куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)да анъанавий “Google I/O 2018 Extended” конференцияси ўтказилиб, унда ёш мутахассислар “Google” компаниясининг сўнгги дастур ишланмалари ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги энг сўнгги ривожланиш тенденциялари билан танишишди.

“Google I/O” — ишлаб чиқарувчиларга мўлжалланган анъанавий конференция “Google” компанияси томонидан Сан-Франциско (Калифорния штати, АҚШ) шаҳрида ўтказилади.

“Google I/O Extended 2018” бу йил биринчи маротаба IUT талабалари томонидан 2018 йилнинг февраль ойида ташкил этилган “Google Developer Groups (GDG)” томонидан ўтказилади. Лойиҳани Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, “East Telecom”, “The House of Tudor”, “Smart Outsourcing Solutions” (SOS) ва “MacCoffee” қўллаб-қувватлашди.

Конференцияда Ўзбекистондаги турли университетларнинг 200 нафардан ортиқ талабалари, ишлаб чиқарувчилар ва дастурчилар иштирок этишди.

Анжуман давомида “Google” ўзининг янги “Google Фото”, “Google Assistant”, “Google News”, “Android P”, “Google Lens” каби маҳсулотларини тақдим этди.

Кенгайтирилган тартибда ўтказилган конференциянинг биринчи қисмида иштирокчилар “Google I/O 2018” асосий тадбирида намойиш этилган “Google” компаниясининг янги ечимлари ва маҳсулотлари билан танишдилар.

IUTда ўтган тадбир давомида маҳаллий IT компаниялари вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Улар IT-соҳасининг турли йўналишларидаги ўз билимлари ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

“Туркистон-пресс”