2018-05-22 16:20:18

“АДОЛАТ” ПАРТИЯСИ АСАКА ТУМАНИДА КЎРГАЗМАЛИ САЙЁР УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши марказий аппарати томонидан “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” умумий шиори остида Андижон вилояти Асака туманида республика кўргазмали сайёр учрашуви ўтказилди.

Тинчлигимизни асраш, фаровонлиги ва ободлигини таъминлаш, ёшларнинг инновацион ғояларини рағбатлантириш, экстремизм ва терроризм иллатларига қарши курашиш, аёллар ва ёшлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарликлари, ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини, ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан жамоатчилик фикрини ва таклифларини ўрганиш, натижаси бўйича таклифлар киритиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда маҳаллий кенгашлар раисларининг мафкура масалалари бўйича ўринбосарлари, матбуот котиблари, ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тинчлик— буюк неъмат. Биз буни мустақиллик йилларида янада чуқурроқ англаб етдик. Чунки ўз юртинг ва унинг келажаги учун курашиш зиммангга катта масъулият юклайди. Бу масалада четдан қараб туришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Таъкидланганидек, инсон бахтли яшаш учун дунёга келади. Халқимиз бу саодатни, аввало, оиласи, эл-юрт тинчлигида, турмуши фаровонлигида кўради. Ҳар қандай жамиятда тинчлик-хотиржамлик бўлмаса, бу буюк орзу-мақсадларга эришиб бўлмайди.

Тинчлик, фаровонлик ва тараққиётга эришиш маънавий тарбия билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, ота-она ва фарзандлар, шахс ва жамият, фуқаролар ва давлатни бирлаштириб турадиган ришта айнан маънавий куч-қудрат, қадриятлар ва урф-одатлар билан мустаҳкамланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевни бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, бугун юртимизда мавжуд ибратли қадриятларни ривожлантириш, фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини такрор таъкидлашлари бежиз эмас. Биз тарбиялаб, вояга етказаётган фарзандлар эл-юрт тинчлиги, фаровонлиги, атроф-муҳит ободлиги ва тараққиёт учун камарбаста бўлиши лозим. Давлатимиз раҳбарининг “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъвати бугун ҳар бир оилага кириб бориб, ҳаёт аъмолига, эзгу вазифага айланиши замирида ҳам мана шу мақсад мужассам.

Тадбир доирасида Асака туман Маданият ва аҳоли дам олиш масканининг мажлислар залида  ташкил этилган ёш рассомларнинг “Тинчлик— менинг нигоҳимда”  мавзусидаги расмлар кўргазмасида бугунги ёшларнинг дунёқараши, Ватанга бўлган меҳри ва келажакка умид кўзи билан қараб вояга етаётганликлари ўз ифодасини топди. Ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш мавзусидаги суҳбатлар уларни ҳар қандай салбий характердаги кучларга қарши эканликлари, давлатимизнинг фарзандларимизга бўлган эътибори ва ғамхўрликларига ўз фаолликлари билан муносиб жавоб беришликларини ифодалади. Бу борада асакалик “Ёш адолатчилар” олдинги сафда бораётгани қувонарли. Педагогика ва касб-ҳунар коллежининг иқтидорли ўқувчилари томонидан тайёрланган айни шу мавзудаги саҳна кўринишларида ҳам юқоридагилар ўз ифодасини топди.

“Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” шиори остидаги сайёр учрашув якунида андижонлик “адолатчилар” ўз фаолиятларини янада жонлантиришга, бу борада кенг жамоатчилик орасига чуқур кириб боришга келишиб олдилар.

“Туркистон-пресс”