2018-05-23 17:47:43

МАРКАЗИЙ БАНК МАЪЛУМОТ БЕРДИ

Марказий банк муомаладан чиқарилаётган тангалар ва банкноталарни алмаштириш тартибини эълон қилди.

Марказий банк ахборот хизматининг хабар беришича, эски намунадаги тангаларни ва банкноталарни муомаладан қайтариб олиш табиий йўл билан, яъни банк кассаларига келиб тушган ушбу тангалар ва банкноталарни қайта муомалага чиқармаслик орқали амалга оширилади. 

Тасдиқланган тартибга кўра, муомалада бўлиш муддати: 

- эски намунадаги 50 сўмлик, 100 сўмлик тангалар ҳамда 50 сўмлик ва 100 сўмлик банкноталар учун 2019 йилнинг 1 июлига қадар; 

- эски намунадаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкноталар учун 2020 йил 1 июлга қадар белгиланган. 

Белгиланган муддат давомида ушбу банкнота ва тангалар қонуний тўлов воситаси ҳисобланиб, улар билан нақд пулдаги тўловларни амалга ошириш мумкин. 

«Шу сабабли, аҳолининг хавотирга тушишига ҳеч қандай ҳожат йўқ. 
Чунки, нақд пулдаги ҳисоб-китобларни амалга оширишда ушбу танга ва банкноталардан чекловларсиз фойдаланишлари мумкин. 

Ушбу тангалар ва банкноталар савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳа субъектларининг кунлик тушуми сифатида банк кассаларига топширилади ҳамда қайта муомалага чиқарилмайди. 

Аҳоли қўлидаги эски намунадаги тангалар ва банкноталарни банклар орқали янги намунадаги тангаларга алмаштириб олишлари ҳам мумкин», — дейилади хабарда. 

Эски намунадаги тангалар ва банкноталарни банклар орқали янги тангаларга алмаштириб олиш: 

- 50 сўмлик, 100 сўмлик тангалар ҳамда 50 сўмлик ва 100 сўмлик банкноталар янги намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик тангалар муомалага чиқарилган кундан бошлаб; 

- эски намунадаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкноталарни 2019 йил 1 июлдан бошлаб банк кассалари орқали амалга оширилади. 

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг янги намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик тангаларнинг муомалага чиқариш санаси, уларнинг кўриниши ва тавсифи Марказий банкнинг веб-сайти ва ОАВ орқали эълон қилинади.