2018-05-24 14:48:28

ЯПОНИЯДА ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЯТ ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ

Япония — Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли ҳамкорларидан. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатлар 2002 йилда имзоланган “Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги қўшма баёнот руҳида изчил тараққий этиб келмоқда.

Кунчиқар мамлакат юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келаяпти, бу эса иқтисодий-ижтимоий, маданий ва гуманитар йўналишдаги кўплаб лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш имконини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлигининг ташаббуси билан жорий йилнинг 15-22 май кунлари Японияда илк бор «Ўзбекистон ҳафталиги» ўтказилди. Унинг доирасида Кунчиқар мамлакатнинг учта йирик шаҳарлари Токио, Нагоя ва Осакада халқимизнинг қадим тарихи, бой маданиятини кенг тарғиб этиш, бу орқали япон жамоатчилигини диёримизга жалб этиб, мамлакатимизнинг туристик брендини янада ривожлантириш мақсадида ўзбек санъати усталари ва ёш ижрочилари иштирокида концерт дастурлари, кўҳна ва навқирон диёримизнинг таровати, унинг туристик салоҳияти акс этган миллий фото ва амалий санъат кўргазмалари намойиши бўлиб ўтди.

Нафақат ёшлар, балки Япониянинг сиёсий жамоатчилиги, зиёли қатлам вакиллари, вазирлар, маданият соҳасидаги нуфузли шахслар ҳам мазкур тадбирларни катта қизикиш билан томоша килишди.

Маданият вазирлиги Матбуот хизматининг хабар беришича, Японияда ўтган ҳар бир кун маданий мулоқотларга бой бўлди. Делегация раҳбари, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Камола Акилова Япония маданият агентлиги президенти Рйохей Мъята, «Япония юраги» партияси раиси, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ фавқулодда ва мухтор элчиси Кёко Накаяма хоним, «Япония-Ўзбекистон» парламентлараро лигаси ижрочи бош котиби жаноб Ичиро Цукада, Токио Миллий музейи директори Масами Зения, «Мин-он» мусиқа ассоциацияси президенти Казуто Ито, Аичи префектураси губернатори Хидеки Омура, Нагоя шаҳри мэри Такеши Кавамура, Токио санъат университети президенти жаноб Казуки Сава билан кечган учрашувларда икки томонлама маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик борасида мулоқотлар олиб борди.

Ҳафталик кунларида амалга оширилган барча тадбирлар нафақат юртимиз, балки Япониянинг нуфузли газеталари ва телеканалларида кенг ёритиб борилди. Жумладан, «The Sekai Nippo”, “Chunichi Shimbun” кундалик нашрларида қайд этилишича, «Ўзбекистон ҳафталиги»га япон жамоатчилиги томонидан ижобий бахо берилди.

“Туркистон-пресс”