2018-05-24 14:54:06

НОРИН ТУМАНИДА АМАЛИЙ МУЛОҚОТЛАР ЎТКАЗИЛДИ

Ҳудудларни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этилишида амалий кўмак кўрсатиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг ойма-ой жойларга чиқиши бу сафар Наманган вилояти Норин туманида давом этмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Парламентдаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмоновнинг водий вилоятлари бўйлаб сафари самарали кечмоқда. Бу ҳақда партия Марказий Кенгаши Ахборот хизмати хабар берди.

Ҳудудий комиссиянинг Наманган вилоятининг Норин туманидаги дастлабки ўрганишлари Қурилиш ва сервис касб-ҳунар коллежига ҳамда коллежнинг рўпарасида жойлашган 16-сонли умумий ўрта таълим мактабига ташриф билан бошланди.Ташриф давомида дарсларнинг ўз вақтида ўтилиши, ўқувчиларнинг ўзлаштириши ҳамда ўқитувчиларнинг педагогик юкламалари атрофлича ўрганилди.Шунингдек Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳ.Кетомонов томонидан мазкур коллеж ва унинг рўпарасида жойлашган мактаб оралиғидаги автомобиль қатнови йўлида ўқувчилар учун йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланмагани қаттиқ танқид остига олинди.

Партия раисига Норин тумани Куюлтепа МФЙда яшовчи Гулмира Мирзаева ва Қурама МФЙда якка-ёлғиз яшовчи Зокирахон Жумабоевалар уй-жой масаласида мурожаат этдилар ва мурожаатлар ўрганиш учун ишчи гуруҳга тақдим этилди.

Норин туманида жойлашган 47-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасининг бугунги ижтимоий ҳолати яхши эмаслиги ҳамда бу ерда болалар учун санитария ҳолати талаб даражасида эмаслиги, шунингдек, таълим муассасасида болалар дам олиш хонаси йўқлиги, тўгараклар учун алоҳида хоналар ажратилмаганлиги ҳудудий комиссия раҳбари Ҳ.Кетмонов томонидан алоҳида назоратга олинди.

Ўрганишлар давомида Норин туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли 16-сон оилавий поликлиникасига ҳамда 16-сонли МТМга ҳам ташриф буюрилди. ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси туман ҳокимлиги ва вилоят кесимида фаолият юритаётган раҳбар мутахассислар билан бамаслаҳат айрим масалаларни бартараф этиш чораларини кўришга киришди. Ўрганишлар давом этмоқда.

“Туркистон-пресс”