2018-05-24 14:58:34

“ФАСЛИ НАВБАҲОР” КОНЦЕРТ ДАСТУРИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон халқ артистлари Клубининг “Фасли навбаҳор” деб номланган илк концерт дастури бўлиб ўтди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги расмий сайти хабар берди.

Маълумки, 2017 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг бир гуруҳ ижодкор вакиллари билан бўлган учрашувида санъат ва маданият, адабиёт соҳасига катта эътибор қаратиб, “Ўзбеконцерт” давлат муассасаси ҳузурида Ўзбекистон халқ артистлари Клубини ташкил этиш таклифини ўртага ташлаган эди. Хабарингиз бор, ушбу таклифдан келиб чиқиб, ижодий учрашувдан сўнг “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳузурида Халқ артистлари клуби ташкил этилди.

20 май куни “Халқлар дўстлиги” санъат саройида Ўзбекистон халқ артистлари Клубининг “Фасли навбаҳор” деб номланган илк концерт дастури бўлиб ўтди.

Концертда Ўзбекистон Халқ ҳофизлари Бекназар Дўстмуродов, Абдунаби Иброҳимов, Ўзбекистон Халқ артистлари Хайрулла Лутфуллаев, Насиба Абдуллаева, Маҳмуд Намозов, Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Туркманистон Халқ артисти Ортиқ Отажонов, Ўзбекистон Халқ артисти, устоз созанда Абдуҳошим Исмоилов раҳбарлигидаги “Мақом”ансамбли, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Яҳёбек Мўминов, Абдурашид Йўлдошев, Алишер Файз, Дилноза Исмияминова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист,сўз устаси ва актёр Мирзабек Холмедов ҳамда хонандалар Ботир Қодиров, Зохиршоҳ Жўраев, “Тошкент зеболари”рақс ансамбли  иштирок этишди.

“Туркистон-пресс”