2018-05-24 15:20:25

БУТУН ДУНЁ ЁШ ЕТАКЧИЛАРИ ЎЗБЕКИСТОНДА ТЎПЛАНАДИ

Жорий йилнинг 27-31 май кунлари пойтахтимизда илк бор Ёш лидерлар халқаро конференцияси бўлиб ўтади. Форум Германиянинг “Global Bridges e.V.” ижтимоий ташкилоти ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси ҳамда ГФРнинг Тошкентдаги элчихонаси кўмагида ўтказилади. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

“Global Bridges e.V.” 1973 йили Берлинда ташкил этилган мустақил нотижорат ташкилотдир. Унинг фаолияти тижорат тузилмалари ҳомийлик бадаллари ҳисобига молиялаштирилади. Германия, АҚШ, Ҳитой ва бошқа давлатларнинг етакчи таълим ва тадқиқот марказлари мазкур ташкилотнинг ҳамкорлари саналади. 400 дан зиёд турли соҳалардаги ташкилотлар “Global Bridges e.V.” га аъзодир.

“Global Bridges e.V.” фаолиятининг асосий йўналишлари сиёсат, иқтисодиёт, илм-фан, таълим, маданият ва оммавий ахборот воситалари соҳаларидан 25 дан 35 ёшгача бўлган салоҳиятли ёш лидерлар ўртасида алоқаларни шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган турли конференция ва форумлар, симпозиум, учрашув ҳамда танишув сафарларини ташкил этишдан иборат.

Ушбу мақсадларда ташкилот 1973 йилдан буён Ёш лидерлар дастурини амалга ошириб келади. Бугунги кунда 40 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 2,5 минг нафар ёш ушбу дастурнинг иштирокчиси бўлди. Лойиҳа битирувчилари “Global Bridges” тармоғининг ажралмас қисмига айланмоқда ва ташкилот томонидан ҳар икки йилда бир маротаба “alumni” шаклида ўтказиладиган учрашувларда иштирок этиш имкониятига сазовор бўлишмоқда.

Мазкур тузилманинг асосий тадбирларидан бири – Ёш лидерлар конференциясидир. Унинг мақсади – малакали ва улкан салоҳиятли ёшларга минтақавий ва халқаро миқёсдаги долзарб мавзуларда фикр алмашишга замин яратиш, шунингдек, турли мамлакатлардан келган иштирокчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Яқинда бўлиб ўтадиган XVII Ёш лидерлар конференциясида Австрия, Аргентина, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Греция, Хитой, Нидерландия, Россия, Сербия, АҚШ, Ўзбекистон, Франция, Эстониядан қарийб 40 нафар вакил иштирок этиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, “Global Bridges e.V.” вакиллари жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистонга танишув сафари уюштиришди. Унинг доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ва Ёшлар иттифоқида турли учрашувлар бўлиб ўтди. Мазкур ташриф якуни бўйича навбатдаги конференцияни Тошкентда ўтказиш қарори қабул қилинди.

“Global Bridges e.V.” ижрочи раиси Беате Линдеманннинг фикрича, конференцияни ўтказиш жойини танлаш тасодифий бўлмади. Ўзбекистоннинг минтақада муҳим ўрин эгаллаши, халқининг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда мамлакатда турли жабҳаларда юз бераётган кенг кўламли ислоҳотлар бундай қарорга келишга хизмат қилди.

– Ўзбекистоннинг ёш ва серғайрат Президенти раҳбарлигида мамлакатда ёшлар сиёсати фаол олиб борилаётгани биз учун хайратланарлидир. Тошкент ёш лидерлар конференцияси Ўзбекистон учун Европа, Осиё ва Американинг ёш етакчиларини бирлаштирувчи халқаро тармоққа кириш чиптаси бўлиб хизмат қилади. Умид қиламизки, Тошкентда бўлиб ўтадиган мазкур тадбир ўзбекистонлик ҳамкорлар билан мустаҳкам ва узоқ муддатли ўзаро ҳамкорлик қилишга барқарор пойдевор яратади, - деди Б.Линдеманн.

Тадбир дастурига кўра, конференциянинг асосий қисми Тошкентда ўтказилади. Унда иштирокчилар халқаро ва минтақавий сиёсат, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти, унинг етакчи давлатлар билан ўзаро муносабатлари ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ролига оид долзарб мавзуларда фикр алмашишади.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларининг Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Тарих институти раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиши ҳам кўзда тутилган.