2018-05-24 15:38:18

ҲАЗОРАСПДА МЕРГАНЛАР МУСОБАҚАСИ

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Хоразм вилояти кенгаши ҳамда вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази томонидан пневматик қуролдан ўқ отиш спорти бўйича вилоят кубогининг учинчи босқичи уюштирилди.

Ҳазорасп автомобиль мактабининг спорт базасида ташкил этилган мазкур мусобақада тизим тасарруфидаги ўқув спорт техника клублари, ўқув муассасалари, шунингдек, Ўқ отиш спорти вилоят бўлими жамоасининг жами 74 нафар спортчиси ўз маҳоратини кўрикдан ўтказди.

Пневматик тўппончадан ўқ отиш биринчилигида Урганч шаҳридан Азиза Исмоилова, хивалик Вали Ҳурматовлар биринчи ўринни эгаллашди. Пневматик милтиқдан ўқ отиш машқини бажаришда Ўқ отиш спорти вилоят бўлими жамоаси аъзоси Диёрбек Очилов ва Урганч туманидан Шаҳноза Машарипова  шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишди.

Умумжамоа ҳисобида Урганч тумани ўқув спорт техника клуби жамоаси ғолиб чиқди.

                                                                                   Икром  ХУДОЙБЕРГАНОВ,

“Туркистон-пресс”