2018-05-24 15:40:48

МАМЛАКАТИМИЗДА ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШ ОЙЛИГИ ЎТКАЗИЛАДИ

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб белгиланиб, дунё ҳамжамияти томонидан турли тадбирлар ўтказилади.

Республикамизда ҳам бундай тадбирлар қатор йиллар давомида анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадбирлар соғлом турмуш тарзини тадбиқ этиш орқали ёш авлодни тарбиялаш, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ муаммоларга жамият эътиборини қаратиш, аҳоли орасида гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақида огоҳликни оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Шу боис, мамлакатимизда ушбу санага бағишланган тадбирларни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази томонидан 2018 йил июнь ойида “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги”ни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каналларидан бирида мазкур санага бағишлаб соҳа мутахассислари, таниқли санъаткорлар, спортчилар ва жамоат арбоблари иштирокида турли форматда информацион лавҳа ва кўрсатувлар узатиш, махсус ижтимоий роликлар, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни тайёрлаш ва эфирга узатиш, шунингдек, наркотик моддаларни ноқонуний айланиши билан боғлиқ хатти-ҳаракатларнинг фожиали оқибатларини ёритувчи ҳужжатли ва бадиий фильмларни намойиш этиш, интернет ва босма ОАВда мазкур мавзуга оид материаллар чоп этиш, “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” шиори остида спорт-соғломлаштириш мусобқалари ташкил этиш ва бошқа қатор тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, мазкур ойлик давомида мамлакатимиздаги барча таълим даргоҳлари, ёшлар фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларда гиёҳвандликнинг олдини олишга қаратилган профилактика чора-тадбирлари амалга оширилади. Маъруза, семинар, анжуманлар ва кўргазмали воситалар ёрдамида “заҳри қотил”нинг қандай аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги кенг тушунтирилади.

“Туркистон-пресс”