2018-05-25 16:00:33

ЎЗБЕКИСТОН ЖУРНАЛИСТИКА ВА ОММАВИЙ КОММУНИКАЦИЯЛАР УНИВЕРСИТЕТИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди.Мазкур қарор ЎзА сайтида жойлаштирилган.

Мазкур университет оммавий ахборот воситалари соҳаси учун журналист кадрлар, шу жумладан, юқори малакали, бир неча хорижий тилларни мукаммал биладиган халқаро журналистлар ҳамда илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, республикада медиатаълим тизимини яратиш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, мазкур йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Қарорга кўра, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Журналистика (фаолият турлари бўйича)” таълим йўналиши ва унинг негизидаги магистратура мутахассисликлари, шу жумладан, “Олий журналистика курслари” бўйича қабул тўхтатилади. Ушбу таълим йўналиши ва унинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича таълим олаётган талабалар ўқишни битиргунларига қадар мазкур олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттирадилар.

Янги университетга Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Марказ-5, 88-уйда жойлашган Юнусобод дизайн касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул берилади.

“Туркистон-пресс”