2018-05-27 13:19:00

ЖССТ РАҲБАРИ ТЕДРОС ГЕБРЕЙЕСУС ЎЗБЕКИСТОНГА ТАШРИФ БУЮРАДИ

2018 йилнинг 21 майидан бошлаб, Швейцариянинг Женева шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессияси ўз ишини бошлади. Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Дунёнинг турли мамлакатлари тажрибаси билан танишиш, илғор амалиётларни ўрганиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга самарали ечим топиш мазкур нуфузли анжуманнинг мақсадларидан бири бўлди. Бундан ташқари, ЖСТТга аъзо 194 та давлат, жумладан, Ўзбекистон делегацияси иштирок этаётган мазкур сессияда халқаро ташкилотнинг соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича кузатилаётган глобал муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида муҳокамалар ўтказилди. Бу йилги сессияда атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларининг саломатликка салбий таъсири ва унга қарши курашиш бўйича йўл харитаси, дори-дармон ва вакцина таъминоти, ноинфекцион касалликлар профилактикаси, аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш каби масалалар бўйича маърузалар қилинмоқда.

Женева сафари давомида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус билан икки томонлама алоҳида учрашув ўтказди. Ўзаро мулоқотлар чоғида юртимизда сўнгги йилларда  соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режалар ва дастурлар ҳақида маълумот берилди, — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабарида.

Суҳбат давомида Т. Гебрейесус мамлакатимизда Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида ҳаётга татбиқ этилаётган барча ҳуқуқий ҳужжат ва дастурлар аҳолига ғамхўрликнинг зарур жиҳатларини қамраб олаётганлиги, Ўзбекистон тиббиёт тизимида ҳам ўзининг оқилона стратегияси, сиёсати ва устувор йўналишларини белгилаб олганлиги, ислоҳотларнинг янги босқичи билан боғлиқ вазифалар амалга оширилаётганлигини эътироф этди ва ушбу тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлиш мақсадида шу йилнинг ўзида Ўзбекистонга ташриф буюришини билдирди.

 Шунингдек, у Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасида мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёр эканлигини таъкидлади. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.