2018-05-28 17:21:57

“ИПАК ВА ЗИРАВОРЛАР” ХАЛҚАРО ФЕСТИВАЛИ ДОИРАСИДА БИЗНЕС-ФОРУМ ЎТКАЗИЛДИ

Қадимий ва навқирон Бухорода ХVII анъанавий “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивали бўлиб ўтди.

Фестивалнинг иккинчи куни Бухоро шаҳрида меҳмон бўлиб турган хорижий ҳамда маҳаллий ишбилармон доиралар вакиллари, ҳунарманд ва тадбиркорлар учун “Бухоро вилоятининг туристик ва инвестицион салоҳияти” мавзуида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Форумда Бухоронинг туристик салоҳияти ошириш бўйича қилинаётган ишлар хусусида сўз борди. Жумладан, жорий йилнинг 16-26 январь кунлари Республикамизда фаолият олиб бораётган Хитой, Исроил, Индонезия, Малайзия, Покистон, Қозоғистон, Қувайт, Миср, Эрон ва бошқа бир қатор мамлакатлардаги элчилар Бухоро вилоятида бўлиб, келажакда амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича алоҳида йўл хариталари ишлаб чиқилган эди. Унга кўра, жорий йилда Индонезиядан 10 минг, Хитойдан 8 минг, Исроилдан 5 минг дан ортиқ сайёҳ вилоятга ташриф буюриши мўлжалланган.

Бу лойиҳалар доирасида Бухоро шаҳрининг Хитойнинг Лоянь, Россиянинг Владимир ва Туркиянинг Конья шаҳарлари ўртасида биродарлик меморандумлари ҳамда Туркманистоннинг Лебап вилояти билан биродарлик келишувлари имзоланди. Айни вақтда, Бухоро вилоятина ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар оқимининг кундан-кунга кўпайиши туризм инфратузилмаси, меҳмонхона,  ресторан, транспорт, истироҳат боғлари, кўнгилочар масканлар ва сервис хизматларига бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда.

Шу сабабли жорий йилнинг ўзида вилоятда мавжуд 130 меҳмонхонага қўшимча равишда 30 дан ортиқ меҳмонхона, 50 га яқин ресторан, 10 та парк, 12 та мотель қуриш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари, Бухоро шаҳридаги кўп йиллардан буён ишламасдан қаровсиз ётган “Бухоро Палас”, “Варахша” ва “Зарафшон” меҳмонхоналари имтиёзли шартлар асосида салоҳиятли инвесторларга берилди.

Иқтисоднинг турли тармоқларини ривожлантириш учун жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятга 1 трлн. 744 млрд.сўмлик  чет эл инвестициялари жалб қилинди. Ҳозирда хорижий капитал иштирокида жами 100 та  корхона ва қўшма корхоналар фаолият юритмоқда.

Шунингдек, форум давомида вилоятнинг туризм ва инвестициявий салоҳияти, уни ривожлантириш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича лойиҳаларини молиялаштириш масалалари, туризмнинг янги йўналишларини ривожлантириш ҳамда соҳани салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

 “Туркистон-пресс”