2018-05-28 17:45:07

ТОШКЕНТДА “ЁШ ИННОВАЦИЯЧИ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ШАҲАР БОСҚИЧИ БЎЛИБ ЎТДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партияси ташаббуси билан шу кунларда “Ёш инновациячи” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Тошкент шаҳар босқичида ғолибларни аниқлаш қийин кечди. Бир-биридан муҳим, бугунги талаблар асосида тайёрланган лойиҳалар барчада катта таассурот қолдирди.

— Хорижда электрон тижорат тизимида дронлардан кенг фойдаланилади, харидни учувчисиз учар қурилмалар манзилга зумда етказиб беради. Уларни қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам самарали ишлатса бўлади, — дейди 1-ўрин совриндори Муҳаммадамин Умаров. — Айтайлик, қўлда эмас, дронлар ёрдамида далага дори сепиб, вақтдан ютамиз. Саломатлик учун ҳам фойдали. Дрон парракчаларининг иккитаси соатга қарши, иккитаси соат йўналишида айланиб, ҳавони кесиб агродинамика қонунига кўра ўрама ҳосил қилади ва микроконтелер орқали тепага учади. АҚШ ва Хитойда ишлаб чиқарилган дронлар нархи эса 1800 АҚШ доллар. Агар ўзимизда йиғсак, анча арзон тушади.

—  Тиббий робот қаровчисини йўқотган ёлғиз кексалар, ногиронларга мўлжалланган, — дейди “Энг ёш инновациячи” номинацияси ғолиби Қўйяш Расул. — Унга дориларни солиш учун учта идиш, исталган тилда хоҳлаган сўзингизни ёзиб қўйиш учун динамик ўрнатилган. Будильникли соат орқали керакли вақт белгиланади. Уйда юраётганда тўсиқлардан айланиб ўтадиган қилиб дастурланган. Қурилма сиздаги сенсордан чиқаётган сигналга қараб ҳаракатланади ва эгасини топади. Роботни янада такомиллаштирмоқчиман.

“Туркистон-пресс”