2018-05-28 17:47:36

ДЕҲҚОНОБОДДА ЁШЛАР ФОРУМИ ЎТКАЗИЛДИ

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи масъулияти чекланган жамияти директори, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ҳамидулла Шерматов ташаббуси билан “Ёшлар — келажагимиз таянчи” мавзусида ёшлар форуми ўтказилди. Форум спорт мусобақалари билан бошланди.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни мамлакатимизда кенг нишонланиши бежиз эмас, албатта. Айнан ана шу байрам арафасида болалар учун қилинаётган ишлар сарҳисоб қилинади ҳамда янги вазифалар белгилаб олинади. Мамлакатимизда бўлгани сингари воҳамизда ҳам бу байрам катта кўтаринкилик билан нишонланди. Жумладан, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтган тадбир ҳам болажонлар хотирасида узоқ вақт сақланиши шубҳасиз. Зеро, тадбир ташкилотчилари болаларга ҳамма ҳавас қиладиган байрам ташкил этиб бердилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова, вилоят ҳокими ўринбосари Баҳодир Қодиров, Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов ва бошқалар  Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга тадбиқ этилаётган қатор Давлат дастурлари ёшларни жисмонан баркамол, замонавий билим ва тараққиёт ютуқларини чуқур эгаллаган, маънан етук, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод этиб тарбияланишига йўналтирилганлигини эътироф этдилар.

Байрам тадбирига туманда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари таклиф қилиниб, уларнинг 20 нафарига Яккабоғ туманидаги “Кимёгар” болалар ёзги дам олиш оромгоҳига йўлланмалар берилди. Бундан ташқари, ҳомийлар томонидан болажонларга эсдалик совғалари ва пул маблағи қўйилган омонат дафтарчалари топширилди.

Тадбирнинг бадиий қисми театрлаштирилган саҳна кўриниши, вилоят ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар, сўз усталарининг чиқишлари билан давом этди.

“Туркистон-пресс”