2018-05-28 17:50:48

ТАШАББУСКОР АЁЛЛАР БАҲСИ

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан ҳар йили “Донолик ва ташаббускорлик — сиёсий етакчилик мезони” шиори остида “XXI аср аёли” республика кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.

Куни кеча мазкур танловнинг Термиз туман босқичи бўлиб ўтди. Йилдан-йилга иштирок этувчилар сони ортиб бораётган сиёсий ташаббускорлар баҳсида ЎзМТДП фаоллари қаторида халқ таълими вакиллари ҳам баҳс олиб бордилар.

Танлов низомига асосан уч шарт бўйича кураш олиб борган иштирокчилар ҳар бир чиқишларини кўргазмалар ва тақдимотлар ҳамда видеороликларда бойитиб бордилар.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, тумандаги 9-умумтаълим  мактабининг ўқитувчиси Дилдор Нурмуҳаммедова ғолиб деб топилиб, Сурхондарё вилоят босқичида иштирок этиш имконига эга бўлди.

“Туркистон-пресс”