2018-05-28 17:53:42

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ТИББИЁТЧИЛАР МУҲОКАМАСИДА

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши ва Бухоро Тиббиёт институтиҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев, тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчилари, ёш олимлар, партия фаоллари иштирок этди.

Тадбирни кириш сўзи билан Бухоро Тиббиёт институти ректори Амрилло Иноятов очиб берди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев қонун лойиҳаси ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Депутат дастлаб мамлакатимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган амалий ишлар ҳамда уларнинг юксак натижалари хусусида фикр юритиб,  давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонлар ҳамда уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди.  

Давра суҳбатида депутатнинг қайд этишича, бугунги кунда мавжуд баъзи чекловлар туфайли мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология масаласида фуқароларимиз ҳамон хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқдалар.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўн минглаб беморлар органлар ва тўқималар трансплантациясига муҳтож. У буйракни кўчириб ўтказиш бўладими, жигар ёки юрак ва ўпка трансплантацияси бўладими, лекин беморлар учун фақатгина шу органлар трансплантацияси тирик қолиш имкониятини ташкил этади. Имконияти бор беморлар чет давлатларга чиқиб, у ерда 15 мингдан 250 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда трансплантацияни амалга ошириб келишмоқда. Лекин бундай имконият ҳамма беморларда ҳам йўқ. Бу эса аҳолининг асосий қисмини замонавий ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш хизматларидан маҳрум этмоқда, мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг илғор жаҳон тажрибасидан ортда қолишига, фуқароларимизнинг айрим замонавий тиббий муолажалар учун хорижий давлатларга бориб келишига, қолаверса, юқори малакали врачларнинг хорижда ишлашга чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Шундан келиб чиқиб, “Адолат” СДП томонидан аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, жумладан, трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Депутат Қодир Жўраев айни шу мақсадда жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, вазирлик билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилганлигини, қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганлигини қайд этди.  Мазкур ҳужжатда белгиланган тадбирлар қаторида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш ҳамда қабул қилинишига эришиш белгиланганлиги борасида тўхталди.

Шу билан бирга қонун лойиҳсининг асосий мақсади, унинг моддалари, мазмун-моҳияти борасида ҳамда таклиф этилаётган қонун лойиҳаси қабул қилинса, ҳамюртларимиз зарурат туғилган пайтда чет элга бормасдан, шу ернинг ўзида инсон органлари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш орқали ўз саломатлигини қайта тиклашга шароит яратилганлигини таъкидлади.

Давра суҳбати давомида соҳа мутахассислари томонидан ушбу қонуннинг қабул қилинишида қайси мамлакат қонуни асос бўлганлиги, лабораторияларда ишлашда айнан нималарга эътибор қаратилиши, инсон ўз хоҳиши билан бундай жараёнда иштирок этиши мумкин ёки мумкин эмаслиги билан боғлиқ қатор саволлар келиб тушди. Депутат ҳар бир саволнинг асл моҳиятидан келиб чиққан ҳолда тўлиқ ва батафсил жавоб берди.

Моҳигул Абдуллаева,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

(“Туркистон-пресс”).