2018-05-28 18:10:38

ОҚИЛ СОБИРЖОНОВ ҚИРҒИЗИСТОНДА ОЛТИН МЕДАЛЬ СОҲИБИ БЎЛДИ

Қирғизистонда от спортининг конкур йўналиши бўйича ўтказилган Жаҳон кубоги Марказий Осиё лигасининг Гран-при II босқич беллашувларида иштирок этган ҳамюртимиз Оқил Собиржонов олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

28 май куни ғолиб спортчимизни кутиб олиш учун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ходимлари, спортчининг яқинлари ва ОАВ ходимлари жам бўлишди.

Энди Оқил Собиржонов Жаҳон кубогининг финал босқичида иштирок этиши учун Марказий Осиё лигаси Гран-Прининг уч босқичи якунларига кўра энг кўп очко жамғариши лозим бўлади.

«Қирғизистондаги мусобақа кейинги йил бўлиб ўтадиган Жаҳон кубогига йўлланма қўлга киритиш йўлида аҳамиятли эди. Ушбу мусобақада Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан ҳам спортчилар иштирок этишди. Насиб қилса, Олма-Ота шаҳридаги мусобақада ҳам ғалаба қозониб, финал босқичида иштирок этаман.

Қирғизистондаги мусобақада рақобат кучли бўлди. У ерга қатнашчи мамлакатларнинг энг яхши чавандозлари боришди. Ушбу мусобақада ғалаба қозона олганимдан хурсандман», —деди Оқил Собиржонов.

“Туркистон-пресс”