2018-05-29 16:40:49

СЕЛНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЧОҒИДА ҲАЛОК БЎЛГАН ДХХ ХОДИМИ «ЖАСОРАТ» МЕДАЛИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбийларини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонни имзолади.

Фармонга кўра, ҳарбий бурчини адо этишда ҳамда табиий офат давомида одамлар ҳаётини сақлаб қолишда кўрсатган мардлик ва жасорати учун Ўразолиев Шохрухбек Норжигит ўғли (вафотидан кейин) ҳамда Мухидинов Бобиржон Насирдинович (Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари чегара пости бошлиғининг ўринбосари) «Жасорат» медали билан мукофотланди,деб хабар бермоқда «Халқ сўзи».

Шохрухбек Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари мутахассис-гранатомётчиси эди.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилоятига кучли сел келган пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, маҳаллий ҳокимият ва бошқа ташкилотлар вакиллари юзага келган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун жалб этилган.

Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари таркибида 2014 йилдан буён шартнома асосида ишлаб келган Ўрозалиев Шохрухбек Норжигит ўғли ҳам сел келаётганда унинг йўлини тўсиш чоғида ҳаётдан кўз юмган.