2018-05-29 17:53:20

O‘ZLIDEPНИНГ ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА

Бугунги кунда Ўзбекистонда чуқур ўйланган ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш, хорижий давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш бўйича салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Дунёдаги тараққий этган мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди, ШҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари сифат жиҳатдан янги босқичга чиқди.

Бунда даврнинг ўзи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан етакчи сиёсий партия сифатида ўз фаолиятининг ташқи сиёсат йўналиши бўйича самарадорлигини оширишни талаб этмоқда. Бу маҳаллий корхоналар маҳсулотларини экспортга йўналтириш, саноат ва инфратузилмани модернизациялаш учун чет эл инвестициялари, илғор технологиялар ва билимларни жалб қилиш, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш каби устувор масалаларга ҳам дахлдордир. Партиянинг фикрича, хорижий ҳамкорлар учун Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ва ислоҳотлар, ички ва ташқи сиёсат устуворликлари, бизнес ва инвестициялар учун янги қулай шароитлар ҳақида манзилли ахборот-тарғибот ишларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Мазкур вазифалар Хитой Халқ Республикасининг Шэньчжэнь шаҳрида 2018 йилнинг 26 майида бўлиб ўтган ШҲТ сиёсий партиялари биринчи Форуми доирасида иштирокчи делегатлар томонидан муҳокама этилди. Бу ҳақда O‘zLiDeP Матбуот хизмати хабар берди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр Якубов Форум иштирокчиларини мамлакатимизнинг бугунги замонавий қиёфаси, 2017-2021 йилда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши, бозор ислоҳотларини ҳаётга тадбиқ этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шароитларни яратиш ҳамда O‘zLiDePнинг мазкур жараёнлардаги роли ва ўрни билан таништирди.

Тадбирда дунёнинг қарийб 20 давлатидан 30 дан зиёд сиёсий партияларнинг 200 нафарга яқин хитойлик ва чет эл вакиллари, шу жумладан, ШҲТ ҳамда кузатувчи мамлакатлар ва мулоқот бўйича ҳамкорлар аъзолари иштирок этгани хорижий ҳамкасблар билан ишлашнинг бу каби шакли самарадорлигидан далолат беради.

Б. Якубов, шунингдек, партиянинг ШҲТга доир позициясини билдириб, уни Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида кўп томонлама ҳамкорлик механизми, очиқ ва конструктив мулоқот учун майдонча ҳамда турли йўналишларда шерикликни ривожлантириш воситаси эканлигини  таъкидлади. O‘zLiDePнинг фикрича, ШҲТ мамлакатлари сиёсий партиялари ўртасида партиялараро ҳамкорликни кенгайтириш ташкилотнинг асосий мақсадлари ва вазифаларини амалга ошириш борасида кўп томонлама ўзаро ҳамкорликни кучайтириш йўлида яна бир амалий қадам бўлди.

O‘zLiDeP ташкилот доирасида минтақавий барқарорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишларда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни муҳим деб ҳисоблайди. Сиёсий партиялар ШҲТ истиқболларини мустаҳкамлаш унинг салоҳиятини кенгайтиришга қодир, бу ташкилотнинг жаҳон ҳамжамиятидаги роли ва нуфузи ўсишига ижобий таъсир кўрсатади.

Форум доирасида O‘zLiDeP делегацияси дунё ва минтақавий иқтисодий ривожланишга доир кенг кўламли масалалар ҳамда ШҲТ доирасидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик, партиялараро алоқаларни ўрнатиш борасида фикр алмашди.

 

“Туркистон-пресс”