2018-05-29 18:55:44

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ОСТОНАДАГИ ХАЛҚАРО СЕМИНАРДА ИШТИРОК ЭТДИ

Ўзбекистон Республикаси давлат органлари делегацияси 2018 йил 21-22 май кунлари Остона шаҳрида (Қозоғистон) бўлиб ўтган “Зўрликка асосланган экстремизм ва терроризмнинг тарқалишига шароит яратаётган омилларни бартараф этишмавзусидаги минтақавий семинарда иштирок этди.

БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (РЦПДЦА) ва БМТнинг Терроризмга қарши кураш бўйича идораси томонидан ташкиллаштирилган семинарда Ўзбекистон Республикаси делегацияси аъзоси—Бош прокуратура Ахборот-таҳлил бўлими катта прокурори Хушнур Максудов мамлакатда экстремизмга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан тақдимот қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, тақдимотда Ўзбекистонда 16 диний конфессиянинг вакиллари тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшаши, уларнинг диний эътиқод эркинлиги таъминланганлиги, мамлакатда терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш ва виждон эркинлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик доимий равишда такомиллаштириб борилаётганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон делегацияси иштирокчиларининг ушбу йўналишдаги қонунчилик, ҳукумат томонидан тасдиқланган аниқ тадбирлар режалари, шунингдек, мазкур соҳада амалга оширилган ишлар тўғрисида тақдим этган маълумотлари халқаро экспертлар томонидан ижобий қабул қилинди.

“Туркистон-пресс”