2018-05-29 18:58:01

КЕНГАШДАН ЎТМАГАН КЛИП ЁХУД ЛИЦЕНЗИЯСИ БЕКОР ҚИЛИНГАН ГУРУҲ

“Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг Бадиий кенгашидан ўтмаган клипини ТВга тақдим этгани учун “Мароқанд” гуруҳи лицензиясидан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хабар бермоқда.

 Гап шундаки, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошидаги қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳоловчи  Бадиий кенгаш аъзолари томонидан  “Мароқанд” гуруҳининг “Турист” қўшиғига ишланган видеоклипида жузъий камчиликлар бўлганлиги боис клипни оммага тақдим этиш тақиқланган эди.

Бироқ, гуруҳ аъзолари бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, ушбу клип телерадиоканаллар орқали намойиш этилганлиги сабабли “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг  23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 37-бандига асосан “Мароқанд” гуруҳи аъзолари Закирова Асалхон Бахтиёржон қизи ва Ташматов Абдурашид Ҳусановичларга берилган лицензиялар жорий йилнинг 29 май кунидан тўхтатилди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошида қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш Бадиий кенгаши ўз иш фаолиятини олиб бормоқда. Мазкур кенгаш савиясиз, қўшиқ матнида маъно-мазмун бўлмаган, видеоклиплари миллийликка зид бўлган қўшиқларни назоратга олиш мақсадида ташкил этилган.

“Туркистон-пресс”