2018-05-30 15:52:04

ХАЛҚАРО ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ЎЗБЕКИСТОНГА 50 МЛН. ДОЛЛАР АЖРАТАДИ

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) ва Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки “Саноат корхоналари энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш учун мамлакатга 50 миллион доллар ажратиш тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда “Халқ сўзи” Миллий банк матбуот хизмати берган маълумотга таяниб хабар бермоқда.

Қайд қилинишича, келишув лойиҳасини амалга ошириш доирасида мамлакатдаги йирик, ўрта ва кичик корхоналар энергия тежайдиган технологияларга инвестиция учун қўшимча молиялаштириш ва уларнинг энергия тежаш имкониятларини ошириш учун техник кўмак беришни ўз ичига олади.

“Эскирган ускуналар ва ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш мамлакат корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш учун жуда муҳимдир. Энергия тежамкорлик ускуналардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш харажатларини камайтиришга, ишлаб чиқаришни оширишга, шунингдек, камроқ энергия истеъмоли ҳисобидан пулни тежашга ёрдам беради. Шунингдек, у иқлим ўзгаришининг оқибатларини камайтириш имконини беради. Жаҳон банки ўзбек корхоналарининг энергия самарадорлигини оширишга кўмаклашишдан мамнун”, деган Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳидеки Мори.

Лойиҳада эскирган ускуналарни жиддий модернизация қилиш, шунингдек, мамлакат саноат корхоналари томонидан энергия тежайдиган технологияларни кенг қўллаш кўзда тутилган.