2018-05-30 16:32:14

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ РОССИЯ, ҲИНДИСТОН ВА ХИТОЙ РАҲБАРЛАРИ БИЛАН УЧРАШАДИ

Хитойнинг Циндао шаҳрида 9-10 июнь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити майдонида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Россия, Хитой ва Ҳиндистон раҳбарлари билан учрашади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳитов сўзларига таяниб “Халқ сўзи” онлайн хабар бермоқда.

“ШҲТ доирасида давлат раҳбарлари билан белгиланган барча учрашувлар саммит майдонида бўлиб ўтади. Масалан, Россия президенти, Ҳиндистон раҳбари, шунингдек, жаноб Си Цзиньпин билан учрашув белгиланган”, деди у.

Циндаода қандайдир икки томонлама ҳужжатлар имзоланадими ёки йўқми қабилида берилган саволга вазир ўринбосари қатъийлик билан шундай жавоб берди:

“Ўзбекистон ШҲТ доирасида давлатлараро ҳужжат имзолашни назарда тутмаяпти, зеро, мазкур ташкилотдаги ўзаро алоқалар кўп томонлама ҳамкорликдир”.

У ШҲТ саммити доирасида қабул қилиниши кутилаётган қарийб 20 та ҳужжатнинг барчаси кўп томонлама ҳамкорликка йўналтирилганини билдириб ўтди. Бу борада асосий ҳужжат Циндао декларацияси бўлишини таъкидлади. Унда ШҲТга аъзо давлатларнинг минтақавий вазиятга оид охирги қарори мустаҳкамланиб қўйилади.

Мулоқотлар чоғида минтақавий хавфсизлик, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади. Бундан ташқари, меҳмонлар шарафсига тантанали кутиб олиш ва ўзига хос шоу ташкил этилади.

Фото: Ёлкин Шамсиддинов / УзА