2018-05-30 16:56:35

АЛИШЕР ШОДМОНОВ АҚШЛИК МАШҲУР ЖАРРОҲ ЖОЛДАС ҚУЛЖОНОВ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов АҚШнинг етакчи клиникаларидан бири — Сент-Луис университетининг Ортопедик жарроҳлик департаменти раҳбари, таниқли мутахассис, ватандошимиз Жолдас Қулжонов билан учрашди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Мулоқот чоғида Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда ушбу АҚШга амалга оширган тарихий ташрифи ўзаро муносабатларда янги саҳифа очгани алоҳида таъкидланди.

Маълумот учун, Жолдас Қулжонов асли нукуслик бўлиб, 1989 йилгача Никарагуада ва «Пахтакор» футбол клуби шифокори сифатида фаолият юритган. 1989 — 1995 йилларда Тошкент тиббиёт академияси 2-клиникасининг травматология ва ортопедия бўлими раҳбари бўлиб ишлаган. Ўшандан буён тажрибали травматолог-ортопед Америка Қўшма Штатларда фаолият кўрсатмоқда.

У айни пайтда АҚШда йилига 700 дан зиёд энг мураккаб операцияларни муваффақиятли ўтказиш билан бирга, университет клиникасида қатор давлатларнинг травматолог-ортопедларига таълим беради, дунёнинг нуфузли тиббиёт марказларида маҳорат дарслари олиб боради.

Ушрашувда ватандошимиз Ўзбекистон тиббиётини янада ривожлантириш ғоятда муҳим эканини айтиб ўтди. Бунинг учун эса бор куч ва ғайратини сафарбар этишга тайёр эканлигига урғу берди.

Шунингдек, Ж.Қулжонов Ўзбекистонда мўлжаллаган катта ишларининг бошланиши сифатида шу йилнинг 23 июнь —3 июль кунлари Сент-Луис ва Сан-Диегодаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидаги нуфузли нейрохирург, нейрофизиолог, уролог, травматолог-ортопед ва бошқа шифокорлар гуруҳларининг мамлакатимизга ташрифини амалга оширишини билдирди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги