2018-05-30 17:21:35

“ДАВЛАТ ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМАГА ҚЎЙИЛДИ

Ягона интерактив давлат хизматлари порталига Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Бу ҳақда вазирлик жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Ушбу қонуннинг асосий мақсади давлат хизматлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.Қонун лойиҳасида давлат хизмати тизимини ташкил этиш ва фаолият кўрсатишининг асосий тамойиллари, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, моддий ва ижтимоий таъминоти, давлат хизматига ишга ўтиш, хизматни ўташ ва хизматдан бўшаш тартиби белгиланмоқда.

Қонун ҳужжати 13 та боб ва 106 та моддадан иборат бўлиб, у миллий қонунчиликнинг таҳлили ва Малайзия, Сингапур, Франция, Германия Федератив Республикаси, Буюк Британия, Голландия ва бошқа ривожланган давлатларнинг хорижий тажрибасини ўрганиш асосида тайёрланди.

Қонун лойиҳаси манфаатдор вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, оммавий ҳуқуқ соҳаси илмий доиралари ва БМТТД, GIZ и KIPA каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 5 июнга қадар давом этади.

“Туркистон-пресс”