2018-05-30 17:39:55

“АЙТИШУВ” МУХЛИСЛАРГА МАНЗУР БЎЛДИ

Миллий мусиқа санъатимизни янада ривожлантириш ва бойитиш мақсадида жорий йил март ойидан бошлаб Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида “Туркистон” санъат саройида “Айтишув” мусиқий дастури ўтказиб келинмоқда.

2018 йил 28 май куни ўтказилган “Айтишув”да Ўзбекистон халқ артистлари Ғофур ва Ғулом Эшчановлар ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Муҳсинжон ва Яҳёбек Мўминовлар иштирок этишди. Мусиқий дастурнинг низомига мувофиқ серқирра ижодкорлар ватан мадҳи ва ота-она ҳақида қўшиқлар, миллий дурдона асарларимиз, ўз ижодларидан ва бошқа бир қанча йўналишларда ўзаро ижодий беллашдилар.

Биринчи шарт бўйича ака-ука Эшчановлар “Отангни қадрини билгил” қўшиғини куйлашган бўлса, рақиблари ака-ука Мўминовлар “Онанг борида” қўшиғини мухлисларга тақдим этишди.

Қатнашчилар Хоразм воҳаси ва Фарғона водийсининг асл санъат намуналарини жонли ижрода маромига етказиб куйлашди. Кечанинг энг қизиқарли “Айтишув” шартида иштирокчилар “Хоразм лазгиси” ва “Айлаб келинг” қўшиқларини биргаликда куйлашди.

Концерт дастури ўзгача кўтаринки руҳда ўтди ҳамда томошабинларнинг гулдурос қарсакларига сазовор бўлди.

 “Туркистон-пресс”