2018-05-31 16:12:24

“РЕАЛ МАДРИД” КЛУБИНИНГ 3 НАФАР МУРАББИЙСИ ТОШКЕНТГА КЕЛДИ

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва “Реал Мадрид” клуби академияси ўртасидаги келишувга асосан  22-23 май кунлари Испаниянинг “Қироллик клуби” академияси менежерлари Андрес Антонио ҳамда Хуан Пабло ташриф буюриб,  юртимизда Real Madrid Foundation Clinic дастурини ишга тушириш бўйича дастлабки ҳаракатлар бошлангани ҳақида ЎФА расмий сайти хабар берган эди. 

Ана шу дастурга асосан “Қироллик клуби”нинг 3 нафар мураббийи — Карлос Альберт, Мануэль Агуадо Хил ва Эктор Висенте Тошкентга ташриф буюришди. 

Меҳмонларни Ислом Каримов номидаги Тошкент Халқаро аэропортда ЎФА вакиллари, футбол ишқибозлари ҳамда ОАВ ходимлари катта тантаналар билан кутиб олишди. 

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Карлос Альберт 2008-2015 йиллар давомида “Реал Мадрид” нинг асосий жамоасида дарвозабонлар мураббийи сифатида фаолият юритган ва Икер Касильясдек жаҳонга машҳур дарвозабонга устозлик қилган. Ҳозирда у “Реал Мадрид” клубида методист сифатида иш олиб бормоқда. 

Эртага, 1 июнь куни “Бунёдкор” клуби академиясида испаниялик мутахассислар иштирокида юртимиздаги болалар мураббийлари учун семинар ташкил қилинади.   Шунингдек, “Бунёдкор” клубининг машғулотлар стадионида амалий машғулотлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган. 

3 июнь куни соат 19:00да “Бунёдкор” стадионида Real Madrid Foundation Clinic дастурининг очилиши бўлиб ўтади. 

 

“Туркистон-пресс”